Фарғона вилояти делегациясининг Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форумидаги иштироки
2023-10-06 13:40:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона делегациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форумида иштироки самарали ўтмоқда. Кеча кун давомида умумий қиймати 362 млн. доллар бўлган 71 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари, жумладан, умумий қиймати 104 млн. доллар бўлган 20 та инвестицион келишув ҳамда 258 млн. долларлик 51 та савдо шартномаси имзоланди. Музокаралар давом этмоқда.
Форум давомида Фарғона вилояти ҳокимлиги билан Россия Федерациясининг Бошқирдистон республикаси ҳукумати ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси имзоланди. Ҳужжатга Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда форумда Бошқирдистон делегациясига раҳбарлик қилаётган Бошқирдистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Мурадов имзо чекдилар.
Бу ҳужжатда қўшма инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқиш, тадбирлар ўтказиш, маҳсулотлар етказиб беришни ташкил этиш, таълим, туризм, маданият ва миграция соҳаларида ҳамкорлик каби жиҳатлар ўрин олган.
Форум давомида Хайрулло Бозоров Бошқирдистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Мурадов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказди.
Самарали ўтган мулоқот давомида Фарғона вилояти ҳамда Бошқирдистон республикаси ўртасида қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, қурилиш, мебелсозлик, машинасозлик соҳаларида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари белгилаб олинди.
Свердловск вилояти губернатори ўринбосари Дмитрий Ионин ҳамда Челябинск вилояти губернатори ўринбосари Иван Куцевляк билан ўтказилган учрашувларда мавжуд келишувлар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган бўлса, Санкт-Петербург маъмурияти халқаро алоқалари қўмитаси раҳбари Евгений Григорев билан мулоқотда Фарғона ва Санкт-Петербург ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқишга келишиб олинди.

