audio
Европа иттифоқи мамлакатимизда уч йўналишни ривожлантириш учун беғараз кўмак кўрсатади

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Эркин Рустамов ва тегишли таркибий тузилма раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқининг Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Вим Риепма, Сиёсий ишлар бўйича атташе Томас Юет, Лойиҳа менежерлари Элбек Хожаев ва Данута Элгуфлар иштирок этишди.

Томонлар илк учрашувдан мамнун эканликларини билдириб, қабул ва келгусидаги ҳамкорлик учун миннатдорлик изҳор этди. Сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик янги босқичга чиққани, бунинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими («ГСП+») кучга киргани эътироф этилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон мазкур тизимга Преференциялар бош тизими («ГСП+») доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинди. Ушбу мақом муносабатларда муҳим босқич бўлиб, томонлар ўртасидаги мулоқотни ҳамда савдо алмашинувини янада чуқурлаштиришга имкон беради.

Шунингдек, меҳмонлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта эътибор қаратилишини ва ҳукуматнинг Давлат бюджетини шаффофлик ва очиқликни ошириш сиёсатини ҳам юқори баҳолади. Таъкидлаш жоизки, Европа Иттифоқи учун бюджетнинг очиқлиги ва шаффофлиги тамойилларига риоя қилиш ҳамкорликнинг муҳим омилларидан биридир. Ҳозирги вақтда ҳукумат томонидан давлат молиясини бошқариш тизимида бир қатор стратегиялар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.

Хорижий ҳамкорга дунёдаги турли геосиёсий инқирозларга қарамай, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини пасайтиришда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар етказилди.

Учрашувда келгусидаги ҳамкорлик ва молиявий беғараз кўмак бериш борасидаги мавжуд имкониятлар хусусида фикрлашилди. Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда 3 та йўналиш, яъни – рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича беғараз кўмак бериш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди.  

Кўзланган режаларни амалга оширишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси ўртасида уч томонлама меморандум имзолашга келишиб олинди.