audio

    16+
    Умумий маълумот

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.

    Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қиладиган коллегиал органдир.

    Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазиридан (бундан буён матнда Бош вазир деб юритилади), унинг ўринбосарларидан, вазирлардан, давлат қўмиталари раисларидан иборатдир. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

    Вазирлар Маҳкамаси:

    • самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;
    • фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чораларни амалга оширади;
    • вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлайди;
    • Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;
    • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузаларни тақдим этади;
    • давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида, вазирликларни, давлат қўмиталарини, идораларни ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;
    • стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари давлат бошқаруви тизимига жорий этилишини таъминлайди;
    • мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим ҳамда устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиялар, концепциялар, дастурлар ҳамда «йўл хариталари»ни амалга ошириш юзасидан чоралар кўради.

    Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, «Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

    Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

    Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари Бош вазир томонидан имзоланади.

    Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.

    Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ олиб боради.

    • view_icon 4271
    Охирги янгиланиш: 2023-03-23 19:52:08